Мазкур чемпионатнинг асосий мақсади ўзбек тилида блог юритувчи блоггерларни рағбатлантириш, уларнинг
ёзган фикрларини кенг жамоатчиликка етказиш, жамият ҳаётига оид турли мавзулар
юзасидан билдирилган турлича фикрлар, ғояларни муҳокама қилиш, улардан
баҳраманд бўлиш, ўзбек блоггерлари ўртасида ижодий ва дўстона муҳит яратиш ҳамда
интернет тармоғида ўзбек тилини ривожлантириш, ўзбек тилидаги фойдали ресурсларни
бойитишдан иборатдир.
Мазкур
чемпионатнинг ўзига хослиги шундаки, унинг аниқ ташкилотчиси йўқ. Танлов ғояси бир
гуруҳ ўзбек блоггерларининг ташаббуслари билан дунёга келди ҳамда уларнинг
саъй-ҳаракатлари натижасида ўтказилмоқда. Шу сабабли ҳам мазкур танловдан
биронта реклама кампанияси мақсади кўзланмаган.
Танловнинг
расмий саҳифаси сифатида ўзида кўплаб ўзбек блоггерларини жамлаган Facebook ижтимоий
тармоғидаги “UzBloggerlar” гуруҳи ҳамда http://uzbloggerlar.blogspot.com
манзили фаолият олиб бормоқда. Танловнинг асосий муҳокамаси айнан Facebook ижтиомий тармоғида олиб борилмоқда.
ЎзБлоггерлар чемпионатининг ўзига хослиги
нимада?
Энг
аввало мазкур чемпионат оддий мақолалар танлови эмаслигини англашимиз зарур. Мазкур
чемпионатда иштирок этиш учун узундан-узун мақола ёзиш шарт эмас. Замонавий
блоггерлик тамойилларига риоя қилинган исталган кўринишдаги блогпост танловда
иштирок этиши мумкин. Бу нима дегани? Бунинг маъноси шуки, биттагина фотосурат
ва унга берилган қисқа изоҳ ҳам танловда қатнаша олади. Тўрт қатор ёзилган шеър
ҳам танлов иштирокчиси бўлади олади. Twitter`да ёзилган қисқагина твит ҳам,
ҳаттоки ана боринг, бор йўғи битта сўздан иборат блогпост ҳам чемпионатда
қатнашиши мумкин. Бу блоггернинг креативлигига, оригинал фикрлашига ва тасаввур
доирасининг кенглигига ҳавола. Хулоса қилиб айтганда, танловда иштирок этиш учун
ёзиладиган блогпостнинг шаклига ҳеч қандай чеклов ёки шаблон йўқ. Тўлиқ эркинлик...
ЎзБлоггерлар чемпионатида қандай иштирок этиш
мумкин?
Бу савол
ҳам кўпчиликни қизиқтирмоқда. Шу сабабли қисқа ва лўнда қилиб тушунтиришга
ҳаракат қиламан.
Биринчи қоида: Танловда қатнашиш учун шахсий блогингиз
бўлиши шарт эмас! Жуда кўпчиликда шу муаммо, яъни менинг блогим йўқ эди, ҳали
очишга улгурмагандим ёки уни юритишга ҳафсалам йўқ, демак танловда қатнаша
олмас эканманда дейишмоқда. Йўқ, бу нотўғри қарор. Сиз ҳам бемалол иштирок эта
оласиз. Биз бошланишига фақат шахсий блоги борлар қатнашсин деб чеклов
қўймадик. Исталган шахс қатнашиши мумкин. Масалан, кўп кузатамиз Facebook каби ижтимоий
тармоқларда кундалик постлар (статуслар) ёзиб борадиган инсонлар бор. Улар
алоҳида блог юритмайди, лекин статусларида қизиқарли фикрлари, мушоҳадалари билан
ўртоқлашиб боришади. Мана шунақа кишиларни ҳам биз танловда иштирок этишга
чорлаймиз. Ёки иккинчи мисол. Ҳозирда жуда кўпчилик фойдаланувчилар Twitter ижтимоий
тармоғида кундалик (соатлик, минутлик) фикрларини билдириб боришади. Улар ҳам
аслида микроблоггерлар ҳисобланади. 5-6 та твитларини йиғсак, битта кичик
блогпост пайдо бўлади. Мана шунақа инсонлар ҳам танловда қатнашишни хоҳлашса,
уларга ҳеч ким қаршилик қилмайди. Аксинча, буни мамнуният билан қабул қиламиз.
Иккинчи қоида. Қандай қатнашиш мумкин? Жуда оддий. Блогпост
ёзинг ва унинг манзилини ташкилотчиларга етказинг. Бунинг учун “UzBloggerlar”
гуруҳидаги махсус пост остига ўша манзилни (ссылка) қолдирсангиз кифоя.
Хўш,
блоги йўқлар нима қилсин? Улар ҳам кўп қийналишмайди. Шунчаки, ёзган фикрларини
(статусларини) электрон почта орқали xushnud_x@mail.ru манзилига
юборишса кифоя.
Бўлди,
тамом. Танловда қатнашиш учун бошқа нарса шарт эмас.
Ғолиблар қандай аниқланади?
Овоз
бериш йўли билан. Мухлислар овоз беришади, ҳакамлар овоз беришади. Энг кам овоз
олган иштирокчи лойиҳани тарк этади. Тамом.
Ғолиблар тақдирланадими?
Ҳа,
тақдирланади. Ҳозирча, саҳоватпеша ҳомийларимизнинг ҳиммати натижасида умумий
соврин жамғармаси 1 миллион 400 минг сўмни ташкил қилмоқда. Шунингдек, ғолибга Мулоқот
ижтимоий тармоғи бир йилга текин домен ҳамда 500 mb хостинг тақдим этади. Бундан ташқари ғолиб "Sony Reader e-Ink technology" электрон китобларни ўқиш қуриламаси ҳамда 16 GB лик флешка билан ҳам тақдирланади.
Қачонгача давом этади?
Танловнинг
1-босқичи жорий йилнинг 13 январигача давом этади. Яъни Сиз ушбу санага қадар биронта
блогпост ёзиб, танловда иштирок этишингиз мумкин. Қолган босқич муддатлари
кейинчалик эълон қилиниб борилаверади.
Қайси мавзуда ёзиш керак?
1-босқич
учун эркин мавзу белгиланган. Яъни исталган мавзуда, хоҳлаган соҳада клавиатура
шақиллатишингиз мумкин. Навбатдаги босқичлар учун мавзулар доирасини кейинчалик
эълон қилиб бораверамиз.
Ўзбекистонда
илк бора ташкил қилинаётган блоггерлар чемпионатини имкон қадар соддалаштиришга
ҳаракат қилдик. Асосийси барчага иштирок этиш учун имконият яратиб бериш. Сиз
ҳам мазкур танловдан четда қолиб кетманг! Ахир кўриб турибсиз, қатнашиш жуда
оддий. Асосийси Сиз ёзинг, биз албатта ўқишга кафолат берамиз.
Юрагингизни
кимга очиб-сочишни билмаяпсизми, мана бизга-да!
Комментариев нет:
Отправить комментарий